Фаластинликлар Ғарбий Соҳилда яҳудий келгиндилар зўравонлиги кучайиб бораётганини айтмоқдалар

    • Author, Yolande Knell
    • Role, Yaqin Sharq muxbiri
    • Reporting from, Bosib olingan G'arbiy Sohildagi Dair al-Hatob qishlog'i
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

"Улар нафақат уйларни ёқиш, балки ўлдириш – аёллар ва болаларни ўлдиришни ҳам кўзлашган", дейди Барҳан Умар якшанба куни яҳудий келгиндилар ҳужумига учраган уйининг куйган харобалари олдида туриб.

"Улар жуда кўпчилик келишди. Бу уюштирилган террорчилик эди, – дейди у кўз ёшларини зўрға тийиб. – Энг даҳшатлиси, уйингда болаларинг билан ўтирганингда бирдан ўққа тутиласан".

Фаластинлик бу банк менежери айтишича, келгиндилар Наблус яқинидаги Дайр ал-Ҳатоб қишлоғидаги уйини ўққа тутиб, унга ўт қўйган. Унинг ўзи ва болалари томга яшириниб, зўрға қутилиб қолганлар.

Сўнгги кунларда ишғол остидаги Ғарбий Соҳил бўйлаб келгиндилар зўравонлиги яна авжига чиқмоқда. Дайр ал-Ҳатобдаги босқин пайтида камида 10 киши жароҳатланган, уларнинг аксарияти отилган тошлардан жабр кўрган, бир кишининг оёғига ўқ теккан.

Бу қишлоқ Ғарбий Соҳилнинг бошқа ҳудудларидан фарқли ўлароқ, илгари ҳеч бундай йирик ҳужумга учрамаган эди.

Бу воқеа яқин атрофдаги Элон Мореҳ аҳоли пунктида ёш исроиллик Еҳуда Шерманнинг дафн маросимидан сўнг содир бўлди. Маросимда юзлаб мотам тутувчилар ва бир қанча етакчи исроиллик сиёсатчилар қатнашган эди.

Хабарларга кўра, 18 ёшли бу йигит ўзи яшайдиган манзилгоҳ яқинида бир фаластинлик пикап машинасида унинг йўлтанламас машинасини уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлган экан. Келгиндилар бу ҳужум эди деб ҳисобласа, фаластинликлар буни бахтсиз ҳодиса деб таъкидлайдилар.

Эрон билан уруш бошланганидан бери экстремист келгиндиларнинг ҳужумлари шундоқ ҳам янгидан авж олган эди. БМТга кўра, дунё эътибори янги минтақавий можароларга чалғиган бир пайтда, келгиндилар олти нафар фаластинликни ўлдирган.

Иордан водийси шимолидаги Хирбет Ҳумса қишлоғи аҳолиси икки ҳафта олдин содир бўлган яна бир даҳшатли воқеада келгиндиларни ўз ерларидан ҳайдаб чиқариш пайтида бир эркакни жинсий зўрлаганликда ва бошқаларни калтаклаганликда айблади. Шундан сўнг Исроил полицияси етти кишини ҳибсга олди.

Бу 2023 йил октябрида Ҳамас етакчилигида Исроилга қилинган ҳужумлар туфайли бошланган Ғазо уруши даврида кузатилган тенденциянинг давомидир. Ўшанда келгиндилар зўравонлиги кескин кучайиб, Исроил ҳукумати яҳудий аҳоли пунктлари қурилишини жадаллаштириб юборган эди. Ўтган йил БМТ мониторинг бошлаганидан бери аҳоли пунктларини кенгайтириш ва қурилишга берилган рухсатномалар рекорд даражага етди.

Халқаро ҳуқуққа кўра, бу аҳоли пунктлари ноқонуний ҳисобланади. Манзилгоҳлар эса Исроил ҳукумати рухсатисиз қурилади.

"Улар [келгиндилар] сўнгги уч йилни имконият деб билиб, баъзилари буни "мўъжизалар даври" деб атамоқда, – дейди Исроилнинг "B'Tselem" инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Яйр Двир. – Ҳозир биз жойларда гувоҳ бўлаётган нарса Исроилнинг этник тозалаш кампанияси давомидир".

Исроил ўз ҳаракатлари фаластинликларга нисбатан этник тозалаш эканлигини қатъиян рад этади.

Яқинда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси ҳам "доимий кўчиришни мақсад қилганга ўхшаган мажбурий кўчиришлар этник тозалаш борасида хавотир уйғотади", деди.

Келгиндиларнинг асосий эътибори дастлаб Ғарбий Соҳилнинг "C ҳудуди" деб номланган қисмига қаратилган эди. 1993 йилдаги Осло тинчлик келишувларидан сўнг Исроил бу ерда тўлиқ хавфсизлик ва маъмурий назоратни сақлаб қолган. Келишувларга кўра, ҳудуд – вақтинчалик – A, B ва C ҳудудларига бўлинган бўлиб, А ва B ҳудудлари Фаластин фуқаровий ва қисман Исроил хавфсизлик назорати остида, C ҳудуди эса тўлиқ Исроил назорати остида эди.

БМТнинг гуманитар масалалар бўйича идораси маълумотларига кўра, 2023 йил январидан 2024 йил феврал ўрталаригача 97 та аҳоли пунктидан камида 4765 нафар фаластинлик келгиндилар зўравонлиги туфайли ўз уй-жойини тарк этган. Уларнинг аксарияти C ҳудудидаги бадавийлар ва чорвадор жамоалардир. Жорий йил бошида Иордан водийсидаги Рас Айн ал-Аужа бадавийлар қишлоғидан 600 киши мажбуран кўчирилган.

Эндиликда келгиндилар зўравонлиги тобора B ҳудудидаги Дайр ал-Ҳатоб каби аҳоли зич яшайдиган Фаластин қишлоқларига қаратилмоқда. Бу ерда Исроил хавфсизлик назоратини сақлаб қолган бўлса-да, Фаластин маъмурияти фуқаровий назорат ваколатларига эга.

"C ҳудудидаги фаластинликлар жамоаларидан бўшатилган жойларда энди кейинги қадам ташланмоқда: келгиндилар бу ерни бўшатиш режасини давом эттириш учун ғарбга, яъни B ҳудудига қараб ҳаракатланмоқда", дейди хорижий донорлар томонидан қўллаб-қувватланадиган халқаро ННТлар ҳамкорлиги бўлмиш Ғарбий Соҳилни ҳимоя қилиш консорциумидан Аллегра Пачеко.

"Бу қасддан юритилаётган сиёсат. Бу тасодифий, қандайдир безори ёшларнинг иши эмас. Бу энг юқори доираларгача бориб тақалади. Мақсад – бу ҳудудларни бўшатиш, Исроилга уларни аннексия қилиш, аҳоли пунктларини кенгайтириш ва бу ерларни фаластинликлардан тозалаш имконини бериш".

Исроилнинг ўта ўнгчи молия вазири, ўзи ҳам келгинди бўлган Безалел Смотрич ҳукуматнинг аҳоли пунктлари бўйича сиёсатида асосий ҳаракатлантирувчи кучдир. У Ғарбий Соҳилда зўравонликка ундагани учун Буюк Британия ва бошқа давлатлар томонидан санкцияларга учраган.

Вазир "Фаластин давлати ғоясини дафн этишни" режалаштираётганини очиқ айтган ва келгиндилар диний ва тарихий ҳуқуқлари борлигини даъво қиладиган Ғарбий Соҳилда Исроил назоратини кучайтириш учун мисли кўрилмаган чоралар кўрган. У катта ҳудудларни "давлат ери" деб эълон қилган ва 69 та янги аҳоли пунктига рухсат бергани ёки уларни қонунийлаштирганини даъво қилмоқда.

Еҳуда Шерман дафн маросимида сўзга чиққан Смотрич "Осло шармандалиги"ни тилга олиб, тарихий тинчлик келишувидан сўнг тузилган Фаластин маъмуриятини ағдаришга чақирди. "Биз бутун еримизнинг ҳар бир қисмини эгаллаймиз", деди у.

Ўтган ҳафта Исроил ҳарбий штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Эял Замир келгиндилар зўравонлигини кескин қоралаб, буни "маънавий ва ахлоқий жиҳатдан номақбул" ҳамда хавфсизликка таҳдид деб атади.

Бироқ Исроил мудофаа кучлари (ИМК) ҳужумларда фаол қатнашгани, четда томошабин бўлиб тургани ёки айбдорларни жавобгарликка тортмагани учун ўткир танқидларга учрамоқда.

ИМК дафн маросимидан кейинги келгиндилар зўравонлигига "жиддий" қараётганини билдирган бўлса-да, Дайр ал-Ҳатоб аҳолиси яқин атрофдаги кузатув минорасидаги аскарлар қишлоққа бостириб келган оломонга кўз юмгани, тез ёрдам ва ўт ўчирувчиларнинг етиб келишини кечиктирганидан шикоят қилди.

Ҳозирда қишлоқ аҳолиси зўравонликлар такрорланишидан хавотирдалар.

Тўрт фарзанднинг отаси Самир Умар ёниб кетган уйининг томидан туриб, яқин атрофдаги тепаликда келгиндилар яна бир манзилгоҳ қуришни режалаштираётган янги йўлни кўрсатади.

"Яқинда қуршовда қоламиз, – дейди у маҳзун оҳангда. – Энди хавфсизлик йўқ. Деворни тўрт-беш метрга кўтармоқчиман, аммо бунинг фойдаси бўлармикан? Ҳаммамизни Аллоҳ ўз паноҳида асрасин".

Унинг қўшниси, банк менежери Барҳан Умар эса босим ортиб бораётгани сари Фаластиннинг янги қўзғолони хавфи ҳақида огоҳлантириб, янада кескинроқ фикр билдирди.

"[Исроил Бош вазири Бинямин] Нетаняҳу шуни билиши керакки, биз қараб турмаймиз, – дейди у. – Фаластин халқи матонат билан ўз ери ва жонини ҳимоя қилади".