Генералга озодлик, бошқаларга зиндонми? 200 миллиардлик талон-торож ишида генерал озод этилди

Сурат манбаси, president.uz

Сурат тагсўзи, 2023 йил январида Ўзбекистон президенти Абдуллаевни генерал-майор рутбасига кўтарган эди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда матбуот ва инсон ҳуқуқлари фаоллари ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаевнинг озодликка чиққанини хабар қилди. У йил бошида катта миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилинишида гумонланиб қўлга олинган эди. Бу борада ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълумот тарқатмади.

Абдуллаев ва у билан бир вақтда ҳибсга олинган Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов, Дарё нашри йил бошида ёзишича, "ақлли светофорлар" иши доирасида ушланганди. Тергов маълумотларига кўра, икки мулозим Тошкент ва вилоят марказларида ўрнатилган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қурилмаларни "импорт қилинган" дея расмийлаштириб, катта миқдоридаги бюджет маблағларини ўзлаштирган. Турсунов ҳозирда ҳибсда қолаётгани айтилади.

Генерал-майор Абдуллаев эса, Kun.uz манбаси хабар беришича, етказилган 200 млрд сўмдан ортиқ зарарни нақд пул шаклда тўлаб берганидан сўнг, унга қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилиши натижасида озод қилинган.

Абдуллаевнинг акаси Ўзбекистондаги йирик тадбиркор, "Узметкомбинат" металлургия заводининг бошқарув кенгаши раиси Баҳодир Абдуллаевдир.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддасида "Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш" жинояти жаримадан тортиб 10 йилгача қамоқ муддати билан жазоланади. Айни дамда, ушбу моддада, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги ҳам айтилган.

Етказилган зарарнинг ўта катта миқдорда экани ҳисобга олинса, Абдуллаевни озод қилишда суд жиноят хусусиятини қанчалар ҳисобга олган, деган саволлар юзага чиқмоқда. Чунки кодекснинг 66-моддасида айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш "унча оғир бўлмаган жиноят"га нисбатан қўлланилади.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Ўзбекистондаги қатор фаоллар ва журналистлар генерал-майорнинг озод этилишини қуйидагича ёритдилар:

Абдураҳмон Ташанов, «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси

Зарарни қоплагани муносабати билан озод қилинган раҳбарларга қўлланилган чора 60 дан ортиқ бошқа айбланувчиларда ҳақли норозиликка сабаб бўлмоқда. Воқеалар ривожини кузатамиз ва расмийлардан икки энлик изоҳ кутамиз.

Илёс Сафаров, "Вақт.уз" мухбири

Бюджет — яъни халқ пулидан 186 миллиард ўзлаштиришда гумон қилинган шахс озодликда. Ички ишлар ходимлари билан низолашган мактаб директори Гулираъно Қосимова атрофидаги вазиятни ёритиб борган, 1–2 миллион сўм олганликда гумонланган блогер Сирожиддин Медиа эса қамоқда. Шундай, а?

Мен юрист эмасман, ўртоқлар. Агар хато гапираётган, нотўғри саволлар бераётган бўлсам, марҳамат, тузатинг. Лекин оддий инсон сифатида тушунмоқчиман: ишингиздаги мантиқ, мезон қани, қаерда?

Агар пулни қайтариш озодликка чиқиш учун етарли бўлса, унда нега бу қоида ҳаммага бир хил ишламаяпти? Масалан, арзимаган 10-15 миллион пули тўлаб берилса, журналист ва блогерлар бугуноқ озод қилинадими? Ахир сизни жамиятга намойишкорона кўрсатаётган мантиғингиз шундай бўляпти-ку. Йўқ, агар вазият бошқача бўлса, унда марҳамат, изоҳ беринг.

Ёки қонунларимиз аста-секин кўча услубига, "ким кучли бўлса — ўша ҳақ, ким тўласа, ўша озодликда" деган тизимга ўтиб бўлдими?

Зафарбек Солижонов, юрист ва журналист

Собиқ Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев Тожимирзаевич етказган 200 миллиарддан ортиқ зарар дея иддао қилинаётган суммани акаси, Ўзбекистондаги энг йирик тадбиркорлардан бири, Ўзметкомбинат раиси Баҳодир Абдуллаев Тожимирзаевич тўлаганмикин?

Ўзи ростанам шунча зарар етказилганми? СССР давридан бери бунақа тўқ оила фарзанди бу ишга қўл урганига ишонгим келмаяпти энди. Хуллас қизиқ ишлар бўляпти Ўзбекистонда. Суди очиқ, барчаси ошкора ўтказилиши керак деб ўйлайман.

Отабек Бакиров, иқтисодчи

200 млрд сўмдан ортиқ (~16,5 млн.доллар) зарарни нақд пул шаклда тўлаб берганидан сўнг, қамоққа олиш эҳтиёт чорасининг гаровга ўзгартирилиши нафақат Ўзбекистон, собиқ умумий макон ва биздан бойроқ ва эркинроқ мамлакатлар тажрибаси учун ҳам ҳайратланарли. Лекин бу яқин йиллардаги гаров эвазига судгача қамоқдан чиқиш борасидаги очиқ кейсларда рекорд эмас.

Қўшни Қирғизистонда Божхона қўмитаси собиқ замраиси Райим Матраимовга озодликда қолиш учун 19,5 млрд.сом (~200 млн.доллар) тўлаттирилгани Ташиев "қустуризация" сиёсатининг гултожи деб кўрсатилганди.

Солиштириш учун, йил бошида Украина собиқ бош вазири ва амалдаги парламентда фракция раҳбари Тимошенко 33,3 млн.гривна (~700 минг доллар) эвазига қўйиб юборилганди.

Сал аввалроқ Россия суди собиқ сенатор ва тадбиркор Мошкович ҳамда унинг ҳамтовоғи Басовни рекорд сумма дейилган 1 млрд.рубль (~12,5 млн.доллар) гаров эвазига қамоқдан чиқармаганди.

Аввалги ўнйилликда Бавария собиқ президенти Ули Хёнесс 5 млн.евро гаров пули тўлаб судгача очиқ юргани кўп шов-шувларга сабаб бўлган ва якунда Хёнесс барибир 3,5 йилга қамалганди.