Одамзот ва дунё: Сирли қора куч топилди ё олимлар оламни нотўғри тушунтириб келганми?

Сурат манбаси, ESA

Сурат тагсўзи, Галактикаларни бир-биридан узоқлаштирувчи куч ўзини бошқача тутган...
    • Author, Паллаб Гош
    • Role, Илм-фан масалалари бўйича мухбир
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Олимлар аниқлашича, Коинотнинг кенгайишини ҳаракатга келтирувчи "Қора энергия" деб аталган сирли куч вақт ва фазо ҳақидаги ҳозирги тушунчамизга зид ўлароқ ўзгараётган бўлиши мумкин.

Баъзи олимлар бир авлод учун астрономиядаги энг йирик янгиликлардан бири – фанда фундаментал қайта кўриб чиқишни талаб қиладиган кашфиёт остонасида турганликларига ишонмоқдалар.

Бу дастлабки топилма қисман Алберт Эйнштейн томонидан ишлаб чиқилган ҳозирги назариясига унчалик мос келмайди.

Бу натижаларни тасдиқлаш учун кўпроқ маълумот зарур, аммо ҳатто тадқиқотга жалб қилинган энг эҳтиёткор ва ҳурматли олимлар ҳам, жумладан, Лондон университети коллежи профессори Офер Лаҳав, тобора кўпайиб бораётган далилларга эътибор қаратмоқда.

"Бу жуда муҳим палла," дейди у BBC News'га.

"Биз Коинот ҳақидаги парадигма ўзгаришига гувоҳ бўлишимиз мумкин."

1998 йилда Қора энергия кашф этилишининг ўзи ҳайратланарли эди. Ўшанда Катта портлашдан кейин коинотнинг кенгайиши тортишиш кучи таъсирида секинлашади, деган фикр ҳукмрон эди.

Бироқ АҚШ ва Австралия олимлари кузатувлари шуни кўрсатдики, аслида у тезлашмоқда. Улар тезлашишни ҳаракатга келтирувчи куч нима эканлигини билишмаган, шунинг учун уни Қора энергия деб номлашган.

Сурат манбаси, DESI

Сурат тагсўзи, Tucson (Аризона) яқинидаги Kitt Peak миллий расадхонасида Қора энергия спектроскопик асбоби (DESI) ўрнатилди. У 5000 та оптик толадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири галактикаларни юқори тезликда сканерловчи роботлаштирилган телескопдир.

Гарчи биз Қора энергия нима эканлигини билмасак-да – бу фандаги энг катта сирлардан бири – астрономлар уни Коинот тарихининг турли нуқталарида галактикаларнинг бир-биридан узоқлашиш тезланишини кузатиш орқали ўлчашлари ва унинг ўзгаришини аниқлашлари мумкин.

Жавобларни топиш учун бир нечта тажриба ўтказилди, жумладан, Tucson (Аризона) яқинидаги Kitt Peak миллий расадхонасида Қора энергия спектроскопик асбоби (DESI) ўрнатилди. У 5000 та оптик толадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири галактикаларни юқори тезликда сканерловчи роботлаштирилган телескопдир.

Ўтган йили DESI тадқиқотчилари Қора энергия кучи вақт ўтиши билан ўзгарганига далиллар топганида, кўплаб бошқа олимлар бу маълумотлардаги хатолик деб ўйлашган.

Аксинча, бир йил ўтиб, бу "хатолик" янада ортди.

"Ҳозир далиллар аввалгидан ҳам кучлироқ," дейди Портсмут университети профессори Сешадри Надатур.

"Шунингдек, биз биринчи йилга нисбатан кўплаб қўшимча синовлар ўтказдик ва натижалар маълумотлардаги биз ҳисобга олмаган номаълум таъсирга боғлиқ эмаслиги кўриниб қоляпти," - дейди у.

"Ғалати" натижалар

Маълумотлар ҳали кашфиёт деб таърифланиш даражасига етмаган бўлса-да, Шотландия Қироллик астрономи, Эдинбург университети профессори Кэтрин Ҳейманс каби кўплаб астрономлар эътиборини тортди.

"Қора энергия биз ўйлагандан ҳам ғалатироқ кўринади," дейди у BBC News'га.

"2024 йилда маълумотлар жуда янги эди, ҳеч ким уларга тўлиқ ишонмаганди.

Аммо ҳозир кўпроқ маълумотлар бор ва кўплаб текширувлар ўтказилди, шунинг учун "хатолик"нинг йўқолиш эҳтимоли ҳали ҳам мавжуд бўлса-да, биз ҳақиқатан ҳам катта кашфиётга яқинлашаётган бўлишимиз мумкин."

Сурат манбаси, ESA

Сурат тагсўзи, Қора энергиянинг табиати ҳақида янада батафсил маълумотни Европа космик агентлигининг (ESA) Евклид миссияси тўплайди. Бу космик телескоп DESI'дан ҳам чуқурроқ текширувлар ўтказади ва янада аниқроқ маълумотлар жамлайди. У 2023 йилда учирилган бўлиб, бугун ESA космик кемадан олинган янги тасвирларни эълон қилди.

Хўш, бу ўзгарувчанликка нима сабаб бўлмоқда?

"Ҳеч ким билмайди!" профессор Лаҳав қувноқлик билан тан олади.

"Агар бу янги натижа тўғри бўлса, унда биз ўзгаришни келтириб чиқарадиган механизмни топишимиз керак ва бу бутунлай янги назарияни талаб қилиши мумкин."

DESI келгуси икки йил давомида кўпроқ маълумот тўплайди ва тахминан 50 миллион галактика ва бошқа ёрқин жисмларни ўрганишни режалаштирмоқда. Бу орқали кузатувлар қанчалик тўғри эканлигини аниқлашга ҳаракат қилади.

"Биз Коинотнинг ўзи сирларини очишига имкон берамиз, эҳтимол, у бизга ўйлаганимиздан кўра мураккаброқ эканлигини айтмоқда," дейди Калифорниядаги Лоренц Беркли миллий лабораторияси тадқиқотчиси Андреи Кучеу.

Қора энергиянинг табиати ҳақида янада батафсил маълумотни Европа космик агентлигининг (ESA) Евклид миссияси тўплайди. Бу космик телескоп DESI'дан ҳам чуқурроқ текширувлар ўтказади ва янада аниқроқ маълумотлар жамлайди. У 2023 йилда учирилган бўлиб, бугун ESA космик кемадан олинган янги тасвирларни эълон қилди.