Янгиликлар: Эрон Ларижоний ўлимини тасдиқлади, Исроил яна кимни ўлдирди, АҚШда Эрон урушига қарши норозилик ва Трампга ортиқ НАТОнинг кўмаги керак эмасми? (видео)

Али Ларижоний

Сурат манбаси, ANWAR AMRO/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Али Ларижоний Эрон миллий хавфсизлик Олий кенгашини бошқарган. Эроннинг Али Хоманаийдан кейин сўнгги урушда ўлдирилган иккинчи энг юқори мартабали мулозими бўлган.
    • Author, BBC янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Эрон уруши атрофидаги сўнгги тафсилотлар. Веб-сайтимизни кузатиб боринг.

Қисқа сатрларда:

Эрон муносабати

Эрон Исроилнинг даъвосини тасдиқлади.

Расмий Теҳрон Али Ларижоний ўлдирилганини айтди.

Али Ларижоний Эрон миллий хавфсизлик Олий кенгашини бошқарган.

Эроннинг Али Хоманаийдан кейин сўнгги урушда ўлдирилган иккинчи энг юқори мартабали мулозими бўлган.

Орада Али Хоманаийнинг ўлдирилиши ортидан Эроннинг янги Олий руҳоний раҳбари этиб тайинланишига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Аммо кейин отасининг ўрнига унинг ўз ўғли Мужтабо Хоманаий тайинлангани расман эълон қилинган.

Шу соатларда Исроил ўтган тунги ҳужумларида Эрон разведка бошқармаси бошлиғини ҳам ўлдирганига оид хабарлар чиққан.

Аммо расмий Теҳрон Исмоил Хатибнинг ҳам ҳалок этилганига оид хабарларни ҳалича тасдиқламаган.

Сўнгги янгилик АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши ўзининг учинчи ҳафтасига кириб бораётган бир пайтда олинган.

Улар ҳужумларининг биринчи тўлқинида Али Хоманаийдан ташқари:

  • Эроннинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Али Шамхоний;
  • Мудофаа вазири Амир Носирзода;
  • Ислом Инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал Муҳаммад Пакпур;
  • Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Абдулраҳим Мусавий ҳам ўлдирилган.

Эрон Али Ларижоний баробарида "Басиж" қўмондони Ғуломризо Сулаймоний ҳам Исроилнинг ҳужумларида ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

BBC нинг халқаро таҳлилчиси Жереми Боуэн фикрича, Али Ларижонийнинг ўлдирилиши Эрон режими учун йирик зарба бўлади.

Ўтказиб юборинг TikTok пост
TikTok контентига рухсат бериш

Айни мақолада TikTok томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз TikTok ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас TikTok бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири TikTok пост

Исроил муносабати

Исроил Бош вазири

Сурат манбаси, Joe Raedle/Getty Images

Сурат тагсўзи, Бинямин Нетаняҳу "эронликларга уни ағдариш имкониятини бериш мақсадида" Исроил Эрон режимини заифлаштираётганлигини айтган.

Эрон миллий хавфсизлик Олий кенгаши раҳбарининг ўлимига оид хабарга Исроил Бош вазири ҳам ўзининг муносабатини билдирган.

Бинямин Нетаняҳу "эронликларга уни ағдариш имкониятини бериш мақсадида" Исроил Эрон режимини заифлаштираётганлигини айтган.

Исроил айни пайтда "Ҳизбуллоҳ"га қарши ҳужумларини давом эттириб, Ливан пойтахтига ҳам яна зарбалар берган.

Эрон ва унга иттифоқчи гуруҳлар ҳам Яқин Шарқ бўйлаб ўз жавоб ҳужумларини амалга оширишган.

Ҳужумлари Исроилда икки кишининг умрига зомин бўлган.

Кейинги нишон Можтабо Хоманаийми?

Исроил ҳарбийлари кеча, сешанба куни яна бир баёнот билан чиқишган.

Улар энди Эроннинг янги Олий руҳоний раҳбарининг ортидан тушишларини айтишган.

Можтабо Хоманаий отасининг ўрнига тайинланганидан бери жамоатчиликка кўриниш бермай келади.

Бу унинг соғ-омон эканига оид саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Орада АҚШ Мудофаа вазири унинг ярадор экани, яшириниб юргани ҳам тахмин этган, майиб бўлганига оид эҳтимолни ҳам илгари сурган.

"Биз Можтабо Хоманаий ҳақида ҳеч нарса билмаймиз, на овозини эшитаяпмиз ва на ўзини кўраяпмиз, бироқ мен сизга бир нарсани айта оламан: биз унинг изига тушамиз, топамиз ва зарарсизлантирамиз", - деб айтган Исроил Мудофаа кучлари матбуот котиби журналистларга.

Унинг айни мазмундаги баёнотига расмий Теҳроннинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Трамп баёноти

Эрон харитаси

АҚШ президенти янги пост қолдирди.

Иттифоқчилари томонидан ўзининг даъвати бежавоб қолдирилганига муносабатини билдирди.

Трамп улардан кўпчилиги Эронга қарши ҳарбий амалиётга аралашишни истамаётганлигини айтди.

Вашингтон энди НАТО давлатларининг ёрдамига муҳтож эмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Трамп уларни Ҳўрмуз бўғозига ўз кемаларини юборишга чақирганди.

Ҳўрмуз халқаро нефт транзитида энг муҳим йўналишлардан бири бўлади.

Эроннинг янги Олий руҳоний яқинда халқига йўллаган илк мурожаатида Ҳўрмуз бўғози блокадаси давом этишини ваъда қилганди.

Эрон бўғоздан фақат танланган кемаларни ўтказиб турибди.

Воқеаларнинг бу каби ривожи НАТОнинг келажагига қандай таъсир қилиши, дунёдаги энг йириги деб айтилувчи бу иттифоқни қандай аҳволда қолдириши ҳозирча маълум эмас.

АҚШ НАТОнинг энг йирик молиялаштирувчиларидан бири бўлиб келган.

Буларнинг барчаси яна Россия Украинага очган уруш давом этаётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

НАТО Украинанинг ҳарбий қўллови ва мазкур урушга тинч йўл билан ечим тпиш уринишларида муҳим томонлардан бири бўлади.

Орада Трампнинг Гренландияга эгалик истаги ҳам иттифоқнинг истиқболига оид жиддий хавотирларга сабаб бўлмай қолмаганди.

Истеъфо

АҚШ президенти
gettyimages
Ketgani yaxshi bo‘ldi. Chunki u Eron tahdid emasligini aytgandi. Eron tahdid edi. Buni barcha davlatlar anglashardi.
Donald Tramp
AQSH Prezidenti (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Сўнгги соатларда АҚШдан олинган бошқа бир хабар ҳам сарлавҳаларга чиққан.

АҚШ Миллий аксилтеррор маркази раҳбари истеъфо бериши айтган.

Жо Кент ўз истеъфоси сабабини Трамп Эрон билан бошлаган урушни қўлламаслиги билан изоҳлаган.

Трамп бу хабарни беэътибор қолдирмаган, унга шахсан ўзининг муносабатини билдирган.

"Кетгани яхши бўлди. Чунки у Эрон таҳдид эмаслигини айтганди. Эрон таҳдид эди. Буни барча давлатлар англашарди", - деб айтган.

17 март: Исроилга кўра, Эрон хавфсизлик хизмати раҳбари Али Ларижоний ўлдирилган
Ali Larijoniy (o‘rtada).

Сурат манбаси, Reuters

Исроил ҳарбийларига кўра, уларнинг ҳужумида Эрон хавфсизлик хизмати раҳбаро Али Ларижоний ўлдирилган.

Ларижоний охирги марта ўтган жумада Теҳрондаги Қуддус куни юришида омма олдида кўриниш берганди.

Эрон ҳалича унинг ўлдирилгани ёки ярадор бўлганини тасдиқламади.

Айни пайтда, Ироқ пойтахти Бағдоддаги АҚШ элчихонасига яна дрон ва ракеталардан ҳужум қилинган.

БАА эса Эроннинг ракета ҳамда дрон ҳужумлари ортидан ёпилган ҳаво ҳудуди қайта очилганини билдирмоқда.

Айни пайтда, Доналд Трамп бошқа мамлакатларга, хусусан, НАТОдаги иттифоқчиларига мурожаат қилиб, Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беришга чақирмоқда.

Ҳўрмуз - нефт ортилган кемалар ўтадиган дунёдаги энг муҳим нефт ташиладиган сув йўлларидан бири.

16 март: Эрон БААнинг муҳим нефт порти ва Дубай аэропортига зарба берди

Ҳаво ҳимояси дронни ушлаб қолганидан кейин пайдо бўлган парчалар туфайли Фужайра нефть саноати ҳудудида тутун кўтарилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, 14 март куни Фужайра нефт саноати ҳудудидан Эрон дрони порт устидан ушланганидан сўнг тутун кўтарилгани кузатилди

БААнинг энг йирик порти ва нефт омбори ҳамда Дубай аэропорти дронлар ҳужумига учради.

Эрон Форс кўрфазидаги транспорт ва нефт инфратузилмасини нишонга олишни давом эттирар экан, Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) энг йирик порти ва нефт сақлаш иншооти Фужайра ҳамда Дубай халқаро аэропорти навбатдаги дрон ҳужумларига учради.

Душанба куни аэропорт яқинида "дрон билан боғлиқ ҳодиса" туфайли ёнғин чиққанидан сўнг, авиапарвозлар вақтинча тўхтатилди.

Шунингдек, минтақадаги энг йирик нефт омборларидан бири бўлган, стратегик муҳим Фужайра порти ва саноат зонасига уюштирилган дрон ҳужумидан кейин кучли ёнғин содир бўлди.

БАА пойтахти Абу-Даби чеккасида автомобилга берилган ракета зарбаси оқибатида Фаластин фуқароси ҳалок бўлди, деб хабар берди шаҳар Медиа идораси.

Ҳужум Ал Баҳия ҳудудида юз бергани айтилди.

Душанба куни БАА Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, мамлакат ҳаво ҳимоя тизимлари олти баллистик ракетани ва 21 та дронни ушлаб қолган. АҚШ ва Исроил билан Эрон ўртасидаги уруш бошланганидан бери Эрон БААга 1 900 дан ортиқ ракета ва дрон йўллаган.

Душанба кунги дрон ҳужуми Дубай аэропорти яқинида уруш бошланганидан буён рўй берган учинчи воқеа бўлди. Ушбу аэропорт халқаро йўловчилар оқими бўйича дунёда энг банд ҳисобланади.

Баъзи парвозлар кечиктирилди, бошқалари эса бутунлай бекор қилинди - бу БААнинг хавфсизлик ва барқарорлик борасидаги имижига яна бир зарба бўлди.

Шунингдек, мамлакатнинг энергетика сектори ҳам ҳужумга учради: шанба куни дрон нефт сақлаш танкерини уриб туширди, душанба куни эса яна бир дрон нефт иншоотларига зарба бериб, ёнғин келтириб чиқарди.

Портда нефт юклаш ишлари зарарни баҳолаш ишлари олиб борилаётган вақтда вақтинча тўхтатилди.

16 март куни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган Дубай Халқаро Аэропорти (DXB) яқинидаги ҳудуддан тутун кўтарилмоқда.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Душанба куни Дубай аэропорти яқинидаги ҳудуддан тутун кўтарилмоқда

Фужайра БААнинг шарқий соҳилида, Уммон кўрфази бўйида жойлашган, яъни Форс кўрфази эмас. Шу боис кемалар у ерга етиб бориш учун Ҳурмуз бұғозидан ўтиши шарт эмас.

Бу жойлашув портнинг аҳамиятини оширади. Дубайда истиқомат қилувчи CEO Middle East журнали муҳаррири Жастин Ҳарпер (у дунё нефт саноати раҳбарлари билан мунтазам мулоқотда) Би-Би-Сига айтишича, "Эрон Ҳурмуз бўғозини тўсиб қўйган пайтларда глобал таъминот занжирларини ҳаракатда ушлаб туришда порт ҳал қилувчи рол ўйнайди".

"Агар Эрон билан кескинлик бу тиқин нуқтасига таъсир қилса, БАА барибир Абу-Дабидаги нефт конларидан Фужайрагача келувчи қувурлар орқали нефт экспорт қила олади", - деди у.

Коммодити маълумотлари билан шуғулланувчи Kpler компаниясининг Дубайдаги нефт таҳлилчиси Мэтт Стэнлининг айтишича, порт шахри "Ҳурмуз бўғозини айланиб ўтиш учун идеал жойда" жойлашган.

"БААнинг давлат нефть компанияси ADNOC ўз нефт танкерларини шу ерда сақлайди, бу хом нефт бўлиб, уни Осиё харидорлари талаб қилади", - деди у.

Стэнли шундай қўшимча қилди: "Эроннинг Фужайрада нефт сақлаш танкерини ва қувурни уришга қаратилган ҳужумлари Кўрфаз инфратузилмасининг заиф эканини кўрсатади".

"Эрон энергия оқимини издан чиқаришни хоҳлаяпти".

Стэнлига кўра, порт шахри Ҳиндистонга яқин ва Сингапур ва Хитой томон ҳаракатланувчи кемалар учун Яқин Шарқдан чиққандан кейинги биринчи тўхташ пунктидир.

Фужайра қадимий Ипак йўлининг денгиз йўналишида жойлашган бўлиб, у 25-30 кундан бери очиқ денгизда сузиб юрган контейнер кемаларини бункерлаш, яъни ёнилғи, озиқ-овқат ва сув билан таъминлаш ҳисобига катта бизнес ҳажмини ўзига жалб қилган.

"Фуджайра кемалар учун «улкан савдо автомати»га ўхшайди", - дея қўшимча қилди Стенли.

Дубайга қилинган ҳужумларга қарамай, Харпернинг таъкидлашича, у ердаги бизнес ҳамжамияти "барқарор". Ресторанлар одамларни қайта жалб қилиш учун махсус таклифлар тақдим этмоқда ва савдо марказлари ҳамон гавжум кўринади. "Одамлар Дубайни ва унинг инқироздан омон чиқиш қобилиятини паст баҳолашади", - дея қўшимча қилди у.

Ўтган ҳафта БАА Давлат вазири Лана Нуссейбе Би-би-сига берган интервюсида унинг мамлакати низодан сўнг ўзини тиклаб олишига ваъда бериб, иқтисодиёт барқарор эканини таъкидлади.