Ўшда йўл кенгайтирилиши сабаб 120 та қабр кўчирилмоқда: "Ҳеч бўлмаса гўрида тинч ётса бўларди" (Видео)

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида кўчани кенгайтириш ишлари доирасида йўл ёқасидаги эски қабристоннинг бир қисми бузиладиган бўлди.

Шаҳар маъмуриятининг бу қароридан сўнг, ўнлаб оилалар яқинларининг хокини қайта дафн этишга мажбур бўлишмоқда.

Тонгги рейд ва "снос" топшириғи

4 февраль куни Ўш шаҳар мэри Женишбек Тўқторбаев Сулаймон-Тоо ҳудудий бошқармасида ўтказилган рейд давомида Алимбек Додхоҳ кўчасини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган объектларни олиб ташлаш бўйича топшириқ берди.

Мэрнинг талабига кўра, йўл бўйидаги ноқонуний қурилмалар билан бирга, қабристоннинг йўлга яқин қисми ҳам бўшатилиши керак.

Ҳозирда қабристон ҳудудида қазиш ва кўчириш ишлари бошланган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Уч кишини бир жойга қўйяпмиз"

Аксарияти этник ўзбеклар бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари учун бу қарор кутилмаган ва оғир синов бўлди. Кўпчилик яқинларининг қабрини ўз қўллари билан қазишга мажбур бўлмоқда.

"Маълумотни WhatsApp орқали эшитдик. Бугун кетмонларимизни кўтариб келиб, ўзимиз қазиб, ичкарироққа қўйяпмиз. Жой тежаш учун уч кишини бир жойга қўйишга мажбур бўляпмиз. Катта бобомнинг отаси, бобом ва онамнинг хокларини энди бир жойга дафн этяпмиз," дейди исмини ошкор қилмаган маҳаллий одамлардан бири.

Кўчирилаётган қабрлар орасида ҳали бир йил ҳам бўлмаганлари бор.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда ва аҳоли ўртасида: қабристонга тегмасдан бузиш ишларини амалга ошириш мумкинми, деган баҳсларни кучайтирди.

Юзини кўрсатмасликни ва исмини ўзгартиришни сўраган бир йигит бувисини бир йил олдин дафн этган.

"Ачинарли бўляпти-да. Қабристонни тинч қўйса бўларди. Мисол учун, бизнинг қариндошлардан 5-6 киши бор эди, уларни кўчирдик. Бувимни қўйганимизга яқинда бир йил бўлади. Кўпчилик айтмаяпти, лекин нафақат бизда, балки бошқа одамларда ҳам шундай вазият. Икки-уч кишидан эшитдим. Қабрлар "снос" бўлмай қўя қолса бўларди. Ҳеч бўлмаса гўрида тинч ётса бўларди", дейди у.

Ўш шаҳар фуқароларга хизмат кўрсатиш бюроси раҳбари Барчинбек Танировнинг айтишича, кўчирилиши керак бўлган жасадлар сони қарийб 120 тага яқин.

Ҳозир муассаса ходимлари марҳумлар яқинлари билан бирга кўчириш ишларини олиб боришмоқда.

"Энг боши 4 метр 80 см, энг охири 7,5-8 метргача ичкарига кирадиган бўлди. Агар яқинлари йўқ бўлса ёки узоқ жойда бўлишса, уларни ҳам кўчириб, белги қўйиб қўямиз".

"Агар кейин қариндошлари келишса, қаерга қўйилганини кўрсатиб берамиз", дейди Барчинбек Таниров.

Йўлни кенгайтириш билан боғлиқ шунга ўхшаш вазият Бишкекда ҳам кузатилмоқда.

Новопавловка қишлоғидаги Профсоюз кўчасини узайтириш учун айрим уйлар ёки қабристоннинг бир қисмини олиш масаласи баҳсларга сабаб бўлди.

Маҳаллий аҳолининг бир қисми мэрия кўчани узайтиришда уйларга тегмаслиги кераклигини айтса, бошқалар қабристонни сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлашади.